Республикамизда олиб борилаётган “Яшил макон ”умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент Ботаника Боғи Дендрология лабораторияси илмий ходимлари – Э.Э. Темиров, Д.А. Абдуллаев ва М.С. Раҳматиллаевлар Ўзбекистон экологик партияси аъзолари билан биргаликда Сирдарё вилоятида 2023 йилги кузги кўчат экиш тадбирларида иштирок этишди. Тадбир давомида дендролог мутахассислар томонидан кўчат экиш ишларида эътибор бериш зарур бўлган агротехник қоидалар, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт ва бута турларини тўғри танлаш, экиш муддатлари, парваришлаш агротехникаси ҳамда уларнинг биоэкологик хусусиятлари бўйича тадбир иштирокчиларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан Сирдарё вилояти иқлим шароитларида экиб кўпайтириш учун истиқболли ҳисобланган ассортиментлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.